Парвозга шай лочинлар
Фарзандларимиз қалбига гўзал ва сермазмун қўшиқлар орқали эзгулик ғоялари сингдириб борилса, уларнинг маънан баркамол бўлиб улғайишига мустаҳкам замин яратилади. Ўз ижод намуналари билан болаликнинг сирли оламига йўл топадиган шоир ва бастакорларни ҳар томонлама рағбатлантириб бориш бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар, Бастакорлар уюшмалари, Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида болалар қўшиқлари, шеърлар ва куйларини яратиш бўйича республика ижодий танлови ташкил этилган эди. Танловнинг ҳудудий босқичлари кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда кўплаб бастакор, шоир, болалар ижодий жамоалари, мусиқа ва санъат мактабларининг ёш иқтидор соҳиблари иштирок этди. Она Ватан, истиқбол, бахтиёр болалик, миллатлар ўртасидаги дўстликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар орасидан энг саралари республика босқичида танлаб олинди.