Касаба уюшмалари туҳфаси
Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги «Толариқ» маҳалласида янги болалар майдончасининг фойдаланишга топширилиши байрамга айланиб кетди. «Ўзбекцирки» артистлари томонидан ижро этилган турли томошаларни нафақат болалар, ота-оналар ҳам мириқиб томоша қилишди.
— Маҳалламизда 3 минг 672 киши истиқомат қилади, — дейди «Толариқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳалима Исмоилова. — Болалар майдончаси ташкил этилган жой илгари қаровсиз ҳолда ётарди. «Касаба уюшмалари — болаларга» акцияси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда Миробод туман ҳокимлиги томонидан қуриб берилган ушбу маскан болажонларимизга ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Маҳалламиз ота-оналари номидан ҳомийларга миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева, Миробод туман ҳокими муовини Моҳира Раҳимбердиева мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод камолоти ва истиқболи йўлида ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлашди.
Шундан сўнг Федерация Кенгаши раиси Ҳалима Исмоиловага болалар майдончаси рамзий калитини ҳамда шу маҳаллада истиқомат қилувчи 20 нафар кам таъминланган оила фарзандларига спорт анжомларини совға сифатида топширди.
— 128-мактабнинг 3-синфини аъло баҳолар билан тугатдим, — дейди Муборак Алимова. — Барча тенгдошларим қатори болалар майдончаси очилишини интизорлик билан кутдим. Ушбу байрам совғасига аъло ўқишимиз ва хулқимиз билан жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
«Толариқ»да байрам давом этмоқда.