Тармоқлараро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари йўлида

IMG_20181208_073346_845

Жорий йилнинг август ойида Беларус Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасида Қўшма баёнот ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши билан бирга турли соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга оид муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 3-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши делегацияси Беларус Агросаноат комплекси ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, тармоқ ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳалқаро меморандумни имзолаш мақсадида Беларус Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Республика кенгаши делегацияси Слуцкий туманидаги агросаноат комплекси бошланғич касаба уюшмалари фаолияти билан танишди. “Слуцкий сир комбинати”, “Слуцкий шакар комбинати”нинг бевосита ишлаб чиқариш жараёни, уларнинг фаолияти билан танишдилар. Учрашув давомида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ишлаётган ишчи-ходимлар учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ундан ташқари делегация аъзолари туманларнинг қадимий обидалари ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

Тадбирнинг тантанали имзолаш жараёни Минск шаҳридаги Беларус касаба уюшмалари Федерацияси мажлислар залида ўтказилди. Тадбирни Беларус агросаноат комплекси Республика қўмитаси раиси Николай Лабушев очиб берди ва икки тармоқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.