Тармоқ касаба уюшмаси раҳбарияти янги ўқув йилида ўзи ўқиган мактабда бўлди.
Охирги йилларда ўқитувчилар ва умуман мактабларга Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бугун юртимиздаги таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Орзиқиб кутилган биринчи қўнғироқ садолари остида ўқувчилар жонажон мактабларига қайтдилар. Ким учундур бугун биринчи ўқитувчиси ва тенгдошлари билан танишув, хаяжонга бой илк мактаб сабоқлари, бошқалар эса қадрдон синф хоналари, севимли синфдошлари, азиз устозлари дийдоридан хурсанд.
Бугун Республика кенгаши раиси в.в.б. Тўхта Бозоров ҳам ўзи ўқиган Бухоро вилояти Пешку туманидаги 22-мактабга бориб, камол топишига ҳисса қўшган устозу мураббийлари ҳолидан хабар олди, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Мактаб ўқувчилари учун “Мустақиллик дарси”да иштирок этди. Ўқувчиларга истиқлолнинг аҳамияти, ватанпарлик, мустақиллик сабаб қўлга киритилган ҳуқуқ ва имкониятлар, беқиёс муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берди. Ёш авлод билан суҳбат давомида таълим-тарбиянинг инсон камолоти ва ютуқларидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. Битирувчилар учун муҳим масала касб танлаш эканлигига эътибор қаратиб, уларни қизиқтираётган мутахассисликлар ҳақидаги фикрларини тинглади. Яқин 10 йилда юксак малакали педагоглар, ахборот-коммуникация соҳаси мутахассислари ва шифокорларга талаб юқори бўлишини қайд этиб, ёшларга касб танлаш борасида муҳим кўрсатмалар берди. Шунингдек, мактабда ташкиллаштирилган биринчи қўнғироқ “Билимлар куни” тадбирида қатнашди ва мактабга биринчи синфга қабул қилинган ўқувчилар учун Президент совғалари топширилди.
Улкан режалар, катта мақсадлар, энг асосийси, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни улғайтиришдек эзгу ниятлар ила бошланган янги ўқув йилида мактаб жамоасига омадлар тилади.