Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси қошида “Касаба уюшмалари Бахмал қизлари” МЧЖ ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаларида Ўзбекистонда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда. Бу борада Ҳукумат томонидан иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу масалада касаба уюшмалари хам ўз ҳиссасини қўшган холда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрда бўлиб ўтган VIII Қурултойида 2021 йилда “Мустақилликнинг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни”ни яратиш ташаббуси эълон қилинди.
Бунда, Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан янги корхона ташкил этиш, фаолият юритаётган корхоналарга шартнома асосида қарз бериш ёки уларнинг устав фондига улушдор (ҳиссадор) бўлиб кириш орқали камида 30 нафар кам таъминланган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи қўйилди.
Бугунги кунга келиб, Республика кенгаши томонидан, Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда мевали дарахтлар экиладиган боғдорчилик ишларини ташкил этиш мақсадида Республика кенгашининг тўлиқ таъсисчилиги асосида “Касаба уюшмалари Бахмал қизлари” МЧЖ ташкил этилди ва ушбу лалмикор дала майдонига мевали дарахтларнинг илк кўчатлари экиб бўлинди.
Маъсулияти чекланган жамият орқали камида 30 та янги иш ўрини яратилиб, аёллар ва ёшлар дафтарига киритилган узоқ қишлоқ жойларда яшовчи ишсиз хотин-қизларни иш билан расмий банд қилиб, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва хуқуқий ҳимояси йўлга қўйилди.
Республика кенгаши томонидан Устав капиталини шаклантириш мақсадида 250 млн. сўм маблағ ажратилди. Ташкил этилган МЧЖни молиялаштириш бўйича ўтказилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва фаолиятини мониторинг қилиш Республика кенгаши ижроия қўмитасига юклатилган.
Шунингдек мевали дарахт кўчатларини сотиб олиш ҳамда экишни ташкил этиш учун тармоқ касаба уюшмалари туман, шаҳар Кенгашлари ва Тошкент шаҳар бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳам ихтиёрийлик асосида ҳомийлик асосида тегишли маблағларни ушбу МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб борилмоқда.
Бугун шу ташкилотнинг очилиш маросими ўтди ва барча 30 нафар фуқароларнинг ҳар бирига 1 гектардан тайёр боғга эгалиу ҳуқуқи сертификатлари топширилди.