МЕҲНАТНИНГ ФАРОҒАТЛИ ОНЛАРИ.

 

photo_2021-10-13_10-22-42

Деҳқоннинг қувончли кунлари ғалвир сувдан кўтарилганда бошланади. Йил бўйи қилган меҳнати натижасини кўрганда ундан бахтли инсон йўқ.

Бу йил пахта йили бўлди. Далаларимизда ҳали ҳам биринчи теримни тугатмаган, лекин режани ошириб бажарган хўжаликлар бор.

photo_2021-10-13_10-32-31

Бухоро вилояти, Ромитан тумани, Марзия маҳалласи ҳудудидаги  “Ромитанагроазия” фермер хўжалиги 19 гектар майдонга чигит қадаган эди.

Йил бўйи қилинган самарали меҳнат ўз натижасини кўрсатди.

Кўзни қувонтирадиган пахта яна одамларни далага чорлади.

Терим уюшқоқлик билан ташкил этилди. Холида Холова, Гулбаҳор Жумаева, Юлдуз Ярашева, Маҳлиё Соҳибова, Гулчеҳра Шодиева, Гулшан Саидова, Муяссар Чўлиевалар биринчи терим тугамагунча тин олишмади.

Бугунгача хирмонга 58 ўрнига 84 тонна пахта топширилиб, режа 150 фоизга бажарилди.

–Бир байрам қилайлик, ҳамма чарчоқларинг  чекинсин,–деди фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Расулов.

Хўжалик аъзолари дастурхон атрофига чорланди. Куй-қўшиқ авжига чиқди. Ғолиблар тақдирланди.

–Бу фермер маҳалладаги энг заҳматкаш, фидойилардан бири,–дейди Марзия маҳалласи раиси Саъдулло Назаров деҳқонларни қутлар экан.

Туман агросаноат мажмуи ходиимлари касаба уюшма қўмитаси раиси Меҳриддин Остонов илғорларга совғалар топширди.

photo_2021-10-13_10-32-31

Механизаторлар Жуманазар Жумаев, Толмас Адизов, сувчи Суръат Норовларга телевизор тақдим этилди.

Ҳамма хурсанд, ҳалол меҳнат ҳузури гаштли бўларкан.

Далада эса иккинчи теримда ҳам оппоқ  пахта кўзни қамаштиради. Фермер хўжалиги аъзолари янги кучга тўлиб қолган ҳосилни ҳам йиғиштириб олишга бел боғладилар.