Наманганда хорижий корхона раҳбари “Йил аёли” деб топилди

1

Наманганда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш Давлат мақсадли жамғармаси ҳамкорлигидаги “Йил аёли – 2021” миллий танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

2

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, улар бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумот учун, Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 2 миллион 914 минг 497 нафар аҳолининг 1 миллион 447 минг 414 нафари ёки умумий аҳолининг 49,7 фоизи хотин-қизлардан иборат.

3

Вилоятда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва “Маҳорат дарслари”да кейинги тўрт йилда жами 13 минг 47 нафар хотин-қиз турли касбга йўналтирилди. Натижада уларнинг бандлиги таъминланиб, мингга яқини тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 15 мингдан зиёд опа-сингилларимизнинг иқтисодий ва ҳуқуқий билимлари оширилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 42 минг 994 та лойиҳа учун 870 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Бундай имкониятлар натижасида 6 мингдан ортиқ хотин-қиз кичик бизнес билан шуғулланмоқда. Қолаверса, 13 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Мазкур танловнинг барча шаҳар ва туманлар босқичларида 150 иштирокчи қатнашди. Улар орасидан муайян бир соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган, изланувчан, ташаббускор 15 номзод вилоят босқичида иштирок этди.

Танлов якунларига кўра, Тўрақўрғон туманидаги “Runam teks” хорижий корхонаси раҳбари Маҳфуза Гюмюш биринчи ўринни эгаллаб, гран-прини қўлга киритди. Давлатобод туманидаги Наманган муҳандислик-технология институти магистратура бўлими бошлиғи, хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Анора Ҳусанова иккинчи, Уйчи туманидаги “Maxbubaxon ona” фермер хўжалиги ва “Asmus tanho textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Моҳидил Исоқова учинчи ўринларга сазовор бўлди. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

4