Савол-жавоблар

МЕҲНАТ ШАРТНОМАЛАРИНИ ВА УЛАРГА ДОИР ҚЎШИМЧА БИТИМЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ЖУРНАЛИНИ ЮРИТИШ ҚАНЧАЛИК МАЖБУРИЙ?

Қонун ҳужжатлари унинг рўйхатдан ўтказиш рақамини шартноманинг (меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий) мажбурий реквизитлари сирасига киритмайди. МКнинг 73-моддасида белгиланишича, меҳнат шартномасида тарафларнинг келишуви билан қуйидагилар кўрсатилади:
  • иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);
  • ходимнинг меҳнат вазифаси – мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;
  • ишнинг бошланиш куни;
  • меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;
  • меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

Ушбу рўйхатда ва Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсияларда (ВМнинг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига 1-илова) рўйхатдан ўтказиш рақами айтилмаган. Бинобарин, қонун чиқарувчи учун у мажбурий эмас (масалан, меҳнат шартномасини тузиш жойи ва санасидан фарқ қилиб). Бироқ Меҳнат шартномаси (контракт)нинг намунавий шаклида (ВМнинг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига 2-илова) рўйхатдан ўтказиш рақами кўрсатилган.

Биз кадр ҳужжатларини, шу жумладан меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишни маслаҳат берамиз. Ходимлар сони кўп бўлганда, шунингдек шахсий ишлар юритилмаса ва меҳнат шартномалари алоҳида сақланса, ҳисобга олиш ва маълумот ишлари дастаги сифатида уларни рўйхатдан ўтказиш зарурдир.