Теримчилар учун яратиладиган шарт-шароитлар касаба уюшмалари назоратида.
Қашқадарё вилоят ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ташкилотларининг 2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда қатнашаётган теримчилар учун яратилаётган шарт -шароитларни назорат қилиб бориш тўғрисидаги таклифини инобатга олиб бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан вилоят ҳокимлигига ташаббус билан чиқди. Вилоят ҳокимининг2019 йил 5 сентябрдаги “2019 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан, нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Х-1078/09-сонли қарорининг 12-банди билан ушбу ташаббус маьқулланди.
Натижада вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсатининг тегишли қарори қабул қилиниб, теримчилар учун яратилаётган шарт -шароитларни назорат қилиб бориш учун кенгаш қошида ишчи гуруҳ ташкил этилди ва вилоятдаги пахта экувчи ҳар бир туманга вакиллар гуруҳи биркитилди. Аҳвол тўғрисидаги кенг кўламли маьлумотларни вилоят ҳокимлигига ҳар ҳафта якуни билан киритиб бориш белгиланди.
Туманларга биркитилган ишчи гуруҳ аьзолари томонидан жойларда теримчиларга яратилаётган шарт-шароитларни ўрганишга киришилди. Дастлабки ўрганишлар якунига кўра туманларда бу борада муайян ишлар амалга оширилаётганлиги аниқланди. Жумладан. ҳашарчилар жойлашадиган ётоқ жойларини таьмирлаш ва мавсумга тайёрлаш бўйича туман ҳокими ўринбосарлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Теримчилар жойлашадиган дала шийпонлари, палаткали шаҳарчалар, пиллахоналарда таьмирлаш ишлари аввал белгиланган дислокация асосида мулк эгалари ҳамда уларни таьмирлаш бўйича ташаббускор ҳомий ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. Терим пайтида хизмат қилувчи тиббиёт ва ички ишлар ходимлари рўйхати шакллантириш ишлари якунланмоқда.
Туманларда 2019 йил пахта ҳосилини асосан уюшмаган аҳоли томонидан йиғиб-териб олиш режалаштирилмоқда. Улар ҳисобидан вилоят бўйича 2500та терим отрядлари шакллантирилган. Терим олдидан отрядлар раҳбарларини рағбатлантириш ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Миришкор, Косон, Ғузор ва Нишон ва бошқа туманларда терим олдидан отрядлар раҳбарларининг ҳар бири телевизор ва шу каби қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди. Шу кунларда туман ҳокими, секторлар раҳбарлари ва туман ташкилотларининг, жумладан, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашлари раҳбарларининг терим отрядлари аьзолари билан юзма-юз учрашувлари ҳудудларнинг ўзида ўтказилмоқда.
Ўрганишлар теримчилар жойлашадиган ётоқ жойларининг асосий қисми мавсумга шай қилиб қўйилганлигини кўрсатмоқда.
Бу борадаги жамоатчилик назорати ишлари давом этади.