“Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан тармоқда байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Ҳозирги кунда фермер хўжаликлари ва умуман, қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгилаб, уларни изчил амалга ошириб бораётганимиз соҳадаги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ходимларининг жамоа-шартномавий ҳужжатларда меҳнат хавфсизлиги даражасини кўтариш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиш, зарарли меҳнат шароитлари учун ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масалаларига катта эътибор қаратилмокда.
Хозирги кунда жамиятимизда ҳар қандай соҳа вакили эътибордан четда қолаётгани йўқ десак адашмаган бўламиз. Бунинг исботини эса чиқарилаётган қонун ва қарорлардан яққол қўришимиз мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” этиб белгиланди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги ходимлари бу кунни катта шодиёна билан нишонлашмоқда.
Агросаноат тармоғида ҳам байрам қувончи четлаб ўтгани йўқ. Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан Тошкент Давлат аграр университетида “Аграр соҳа фидойилари” номли маъданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Аграр соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшётган муҳтарам аёллар муносиб тақдирланди.
Ижтимоий шериклик борасида қишлоқ хўжалиги ходимларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоялашда ижтимоий кафолатлар кўламини кенгайтириш, уларни тармоқ фаолиятига татбиқ этиш механизмини такомиллаштириш, меҳнат қонунчилигини бузилишларини олдини олиш ва меҳнат муносабатларини тартибга солиниши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боришда касаба уюшмалари ўрни муҳим ўрин тутиб келаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институида ҳам байрам кўтаринки руҳда нишонланди. Ушбу тадбирларда қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган ходимлар муносиб тақдирландилар. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки айнан ушбу олийгоҳларда кўп йиллардан бери талаба-ёшларга билим бериб келаётган қуйидаги профессор-ўқитувчилар ҳам байрам муносабати билан Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шу билан бирга бутун агросаноат тармоғидаги барча ҳудудларда байрам тадбирлари ташкил этилиб соҳа фидойиларига ҳурмат ва эътибор қаратилди. 2019 йил бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам Наманган вилояти учун том маънода баракали ва омадли келди. Хирмонлар кўкка юксалиб, халқ дастурхони ноз-неъматга тўлди. Бу йил вилоятда 237 минг тоннадан ортиқ ғалла, 195 минг тонна пахта, 820 минг тонна сабзавот, 273 минг тонна картошка, 80 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари, 274 минг тонна мева, 115 минг тонна узум, 1600 тоннадан ортиқ пилла, 147 минг тонна гўшт, 691 минг тонна сут, 605 миллион донадан ошиқ тухум тайёрланди. Ҳар бир йўналишда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга эришилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан сезиларли ошди.
Вилоятдаги байрам тадбирида вилоят ҳокими йил давомида юқори кўрсаткичларга эришган фермерлар ҳамда соҳанинг илғор ходимларини тақдирлади. Фидойилар меҳнатларига яраша муносиб рағбат олдилар.
Шунингдек тадбирда юртимизнинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди. Эл ардоғидаги ҳофизлар ва санъаткорларнинг хонишлари байрамга ўзгача руҳ бахш этди.
Байрам тадбирлари Сирдарё вилоятида ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтказилди. Тармоқ касаба уюшмаси Сирдарё вилоятидаги шахар ва туман кенгашилари томонидан ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан, айниқса, саховатли заминимиз билан боғлаган 160 нафар фидойи ходимлар учун касб байрами муносабати билан байрам тадбири ўтказилиб, муносиб тақдирландилар. Бундан ташқари вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 10 нафардан зиёд касаба уюшма фаоллари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Шу аснода бутун республика бўйлаб тармоқ касаба уюшмаси томонидан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан кўтаринки ва юқори кайфиятда байрам тадбирлари ташкил этилди.