«Хўжаипок» санаторияси иш бошлади.

photo_2020-06-01_20-17-01

Мамлакатимизда кейинги йилларда саломатликни мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолининг дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.

Шунга мувофиқ Олтинсой туманидаги сўлим тоғ қўйнида 200 ўринли замонавий «Хўжаипок» санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.

photo_2020-06-02_14-49-38

Ушбу беш қаватли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси барча замонавий қулайликларга эга бўлиб, уни қуриб фойдаланишга топшириш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 85 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кўп қаватли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш биноси, 200 ўринга мўлжалланган маданият саройи, 10 минг китоб фондига эга кутубхона, турли рангда жилоланадиган фаввора қурилган. Санаторийда 20 дан ортиқ физотеравтик даволашга мослаштирилган замонавий ускуна шунингдек, УзИ, ЭКГ ва лабаратория жиҳозлари ўрнатилган. Фитобар, ёпиқ бассейн мавжуд. Бу ерда кардиологик, неврологик, таянч ҳаракат, гинекологик, стаматологик, урологик ва бошқа касалликларга даволаниш учун барча шароит яратилган. 150 киши иш билан таъминланади.

Тантанали маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қ.Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари А.Саидов, меҳнат фахрийси Х.Шарофуддинов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг муносиб дам олишини ташкил этиш, мавжуд даволаш профилактика, соғломлаштириш муассасаларида барча қулайликларни яратиш, хорижникидан қолишмайдиган янгиларини қуриш ҳамда салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Бу борадаги барча улуғвор ишлар халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.

Мутахассисларнинг фикрича, ғордаги олтингугурт суви ўн бешдан ортиқ оғир, ўткир ва юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Табиий самарали восита сифатида таянч ҳаракат тизими, акушер-гинекологик касалликлар, асаб тизими, жигар, буйрак, тери таносил ва бошқа хасталикларни даволашга кўмаклашади.

photo_2020-06-01_20-17-02

«Хўжаипок ота» зиёратгоҳи номи билан дунёга машҳур сўлим масканнинг ёнидан оқиб ўтаётган дарё ва ҳудуднинг табиий иқлим шароити санаторий курорт муассасаларини ривожлантириш, агро, тиббиёт ва зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш учун жуда қулай. Буердаги минерал шифобахш сув, мусаффо ҳавода кислороднинг кўплиги, бетакрор тоғ табиати кишини беихтиёр мафтун этади. Шу боис ёз мавсумида бу гўшага мамлакатимиз ва хориждан ҳар куни кўплаб киши келиб, муқаддас қадомжони зиёрат қилаётган, дардига даво истаб, маҳаллий аҳоли томонидан қурилган супачаларда ҳафталаб қолиб кетаётган ва шифобахш сувдан баҳра олаётган эди. Эндиликда улар замонавий масканда малакали шифокорлар назоратида бу имкониятдан янада унумли фойдаланиши мумкин. Бунинг учун муҳташам мажмуа қурилиб, атрофи ободонлаштирилди. 26 километр масофага пластик қувур тортилиб, «Хўжаипок» маъданли шифобахш суви туман марказига олиб келинди. Бу тоғли туман марказида яшовчи аҳолининг ҳам шифобахш сувдан фойдаланиши учун кенг имконият яратиб, маҳаллий одамларнинг бир умрлик орзусини рўёбга чиқарди. Бу санаторийнинг яна бир ноёб жиҳати, сиҳатгоҳ дунёда олтингугуртли сув билан даволашга ихтисослашган бешинчи санаторийдир.

Бу иншоот воҳада Ўзбекистон касаба уюшмалари курортлар бошқармасига қарашли «Термиз марвариди» санаториясидан кейинги иккинчи сиҳатгоҳдир, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – Бу ерда ҳам «Термиз марвариди»даги каби халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг дам олиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Санаторий курорт муассасаларини кенг ривожлантириш учун қулай иқлим ва муҳитга эга вилоятимизда бу ишлар яна давом эттирилади. Жумладан, келгуси йил бевосита мазкур зиёратгоҳга туташ ҳудудда яна 200 ўринли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Сариосиё туманидаги тоғли ва хушманзара Сангардак қишлоғида қад ростлайдиган кўпқаватли худди шундай мажмуага ҳам бугун дастлабки тамал тоши қўйилди. Кейинги йилларда амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар аҳолининг соғлигини тиклаб, муносиб дам олиши учун зарур қулайликларни яратиш баробарида юртимизнинг туристик салоҳиятини ошириб, миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Келгусида меҳнаткашларимиз учун соғлигини тиклаб, дам олиб даволанишлари учун яна бир замонавий санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси барпо этилганидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан миннатдормиз.