Расмий

Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби

“Касаба уюшмаларида мурожаатларни кўриб чиқиш Тартиби” Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун хужжатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ариза, шикоят ва таклифларини кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга доир ариза, шикоят ва таклифларини кўриб чиқади.

Фуқароларнинг мурожаатлари ариза, таклиф ёки шикоят кўринишида
бўлиши мумкин:

Ариза – фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоси баён этилган мурожаатидир.

Таклиф – фуқароларнинг давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларини ўз ичига олган мурожаатидир.

Шикоят – фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш тўғрисидаги талаби баён этилган мурожаатидир.

Мурожаатнинг дубликати – айни бир шахс томонидан муқаддам йўлланган мурожаатнинг нусхаси ёки унинг бир хил мазмундаги мурожаати.

Такрорий мурожаат – айни бир шахснинг муқаддам йўллаган мурожаатини кўриб чиқиш жараёни ёки қабул қилинган карор юзасидан норозилиги ифодаланган мурожаати.

Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотларда фуқароларга
ижтимоий-меҳнат сохасида бепул ахборот-маълумот, юридик маслахат хизматини ташкил этиш мақсадида “Ишонч телефони” фаолияти жорий этилган.

Фуқароларга “Ишонч телефони” оркали ҳуқуқий маслахат бериш жараёнида ушбу тартиб қоидалари татбиқ этилмайди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун бошқа давлат органларига асоссиз
равишда бериш, қарори ёхуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган ташкилот ёки шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади.

Агар мурожаатда уларни тегишли ташкилотларга жўнатиш учун зарур маълумотлар бўлмаса, бу мурожаатлар худди шу муддат мобайнида асослантирилган тушунтириш билан муаллифнинг ўзига қайтарилади.

Мурожаатлар кўриб чиқиш натижаларига кўра қаноатлантирилиши, тушунтириш берилиши, рад этилиши ёки кўрмай қолдирилиши мумкин.

Жамоа номидан йўлланган мурожаатларга жавоб мурожаатда исми шаърифи биринчи кўрсатилган шахс (манзил)га юборилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, касаба уюшмаси органи ваколати доирасида мазкур қонун бузилиши ҳолатини бартараф этишнинг амалий чораларини кўриши шарт.

Мурожаатлар, агар амалдаги қонун ҳужжатларида уларни кўриб чиқишнинг
бошқа тартиби ва муддатлари белгаланган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади:

– кўриб чиқиш касаба уюшмалари ваколати доирасига кирмайдиган масалалар ифодаланган мурожаатларнинг асли ва илова хужжатлар, келиб тушган кундан бошлаб узоғи билан 5 кун ичида ваколатли органга юборилади ва бу ҳақда муаллифга хабар қилинади;

– таклифлар тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга 10 кунлик муддат ичида маълум қилинади;

– ариза ёки шикоятлар келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса 15 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади;

– ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун ўрганиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган алохида холларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати тегишли касаба уюшмаси органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахс, мурожаат назоратга олинган холларда эса юқори турувчи касаба уюшмаси органига маълум қилинади.