Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ёш фаолларининг амалий семинари ва Республика Кенгаши раҳбарияти билан учрашуви тўғрисида
2017 йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ёш фаолларининг амалий семинари ҳамда Республика Кенгаши раҳбарияти билан учрашуви ўтказилди.
Мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқи ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифаларни тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги фаол ёшларга етказиш, бу борада касаба уюшмаси олдида турган долзарб ва устувор вазифаларни белгилаб олишдир.
Анжуманда тармоқ касаба уюшмасининг Ёшлар билан ишлаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда тизимдаги ёшлар фаолиятига оид ташкилий-ҳуқуқий базани шакллантириш, иқтидорли ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини мустаҳкамлаш ва битирувчи ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш борасида касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.
Ёш фаоллар томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот тизимини жорий этиш, шу мақсадда тармоқ касаба уюшма мутасаддилари иштирокида тегишли соҳа ва ҳудудлар бўйича ҳар ойда камида бир маротаба «Ёшлар билан очиқ мулоқот куни»ни ўтказиш тизимини йўлга қўйиш борасида фикр ва мулоҳазалар алмашинилди. Шунингдек, ёшлар, айниқса, таълим муассасалари битирувчилари учун яратилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш, битирувчиларнинг ўз иш жойларида қўнимлилигини мониторинг қилиш ишларини кучайтириш ҳамда зарур ҳолларда иш берувчилар ва ҳокимиятларга тақдимномалар киритиш амалиётини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Анжуманда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда келгусида амалга ошириладиган вазифалар бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Ёшлар кенгаши мажлисида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда тармоқ касаба уюшмасининг ёшлар билан ишлаш тузилмасини такомиллаштириш таклифи маъқулланиб, Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Ёшлар бирлашмаси ташкил этилди ҳамда унинг раиси ва ўринбосари сайланди. Ёшлар бирлашмаси раисига Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси мақоми берилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ёш фаоллари томонидан Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов хайкали пойига гулчамбар қўйилди. Шунингдек ёш фаоллар А.Темур тарихи музейи билан хам яқиндан танишди.