Навоий вилоятида ҳудудий жамоа келишуви ижроси кўриб чиқилди ва янги келишув имзоланди
01.04.2026. Жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши фаоллар залида Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023–2025 йиллар учун Ҳудудий жамоа келишувининг 2025 йилдаги ижроси Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича вилоят уч томонлама комиссияси томонидан кўриб чиқилди ҳамда 2026–2028 йиллар учун янги Ҳудудий жамоа келишуви имзоланди.
Таъкидланганидек, Ҳудудий жамоа келишувининг ижросини таъминлаш борасида 2025 йил давомида корхона ва ташкилотларда, шунингдек маҳаллий давлат органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди ва таҳлил қилинди.
Хусусан, муносиб меҳнат шароитлари, иш ҳақи, дам олиш вақти, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда бошқа кўплаб масалалар бўйича меҳнат соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига хулосалар берилди.
Ҳудудий жамоа келишувини амалиётга татбиқ этиш жараёнида ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
2026–2028 йилларга мўлжалланган янги Ҳудудий жамоа келишуви Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида тузилди.
Ҳудудий жамоа келишувида тарафлар ўз зиммаларига “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига амал қилган ҳолда иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, норма ижодкорлиги жараёнларида таклифлар бериб бориш, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва аҳоли турмуш даражасини ошириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, ижтимоий кафолатлар ва ҳимоя, маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатлар яратиш, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, шунингдек келишувни амалга ошириш механизми ва унинг бажарилиши учун жавобгарлик бўйича мажбуриятларни ўз зиммаларига олдилар.
Бугунги йиғилишда Ҳудудий жамоа келишуви ижросини таъминлаш, унда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан қатор вазифалардан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдирилди ҳамда уларнинг ижроси бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар ва тавсиялар берилди.
Уч томонлама комиссия йиғилишининг қарори тасдиқланди ва ҳар бир мажбуриятнинг бажарилиши, шунингдек келгуси йил бошида ҳисоботларни эшитиш белгиланди.
Галерея