Тармоқ касаба уюшмасининг фаолларини ўқитиш тўғрисида
Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини, бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, қонунларда белгиланган тартибда иш юритади. Биз тўхталиб ўтаётган асосий масала шундан иборатки, аввало ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни қўллаб қувватлаш учун касаба уюшмаси ходимлари ҳам етарли малакага эга бўлишлари лозим. Мазкур йўналишда эса бугунги кунда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан бир қанча ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 2018 йил 8-январдаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўқув марказида 2018-йилнинг 1-ярим йиллигида касаба уюшмаси кадрлари ва фаолларини ўқитиш режаси тўғрисида” ги қарорига асосан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг бўлимлари ва касаба уюшмалари Республика кенгашларининг таклифларини инобатга олган ҳолда 2018-йилнинг 1-ярим йиллигида касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқитиш режаси тасдиқланган. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўқув курслари ташкил этилиб, машғулотларни ўтказишга малакали ходимлар жалб этилди.
Жумладан, куни кеча Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашлари учун ташкил этилган ўқув дарслари бунинг исботидир.
Ушбу ўқув сменари давомида Республика Кенгаши бош юрисконсульти томонидан “Касаба уюшмалари,уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳамда унинг нормаларига оид шарҳлар, тушунтиришлар бериб ўтилди. Шунингдек, меҳнат кодексининг 6-моддаси яъни меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг таъқиқланиши, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (МК 97-модда), меҳнат шартномасининг ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш (МК 99-модда) ёки иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг (МК 100- модда) протсессуал жиҳатларига алоҳида урғу бериб ўтилди .
Бундан ташқари, ўқув дарси давомида ўқув машғулоти иштирокчилари томонидан меҳнат низоларига алоҳида тўхталиб, бугунги кунда бевосита шу соҳада юзага келаётган муаммолар юзасидан фикрлар алмашилди.
Юқори даражадаги тайёргарлик билан олиб борилган дарс машғулотлари семинар иштирокчиларининг эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган ва Навоийдан ташриф буюрган иштирокчиларнинг амалда ечимини топмаётган муаммоларига қонуний ва аниқ жавоблар берилибгина қолмасдан, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш масаласига жиддий эътибор берилиши лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Семинар иштирокчилари (тармоқнинг туман, шаҳар кенгаши раислари) ўзлари бевосита гувоҳ бўлган ҳолатлар ва уларнинг қонуний ечими юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди ва керакли жавобларни олишди.
Бу каби ўқув машғулотларининг доимий ташкил этилиши касаба уюшмаси ходимларининг малакасини оширибгина қолмай, балки амалиётда ечими мушкул ҳолатларни тўғри ҳал этишда , ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳаққоний ва қонуний ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.