Фарғонада мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир йиғилиш бўлиб ўтди
Фарғона вилояти Боғдод тумани ҳокимлиги ҳузурида 2018 йил 10 сентябр куни мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, бўлим бошлиқлари, тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, тармоқ касаба уюшмаси ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг бундай хатти-ҳаракатлари республиканинг қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлиб, унинг жаҳон майдонидаги нуфузига путур етказаётганлиги таъкидланди ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2018 йил 10 сентябрдаги БМ-08/1312-сонли хатидаги фикрлар муҳокама марказига айланди.
Республикада Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларини ҳаётга тадбиқ этишга доир миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди, мазмун ва моҳияти Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси бўйича миллий меҳнат қонунчилигини ва меҳнат бозорини ривожлантиришга, бандликни, ижтимоий муҳофазани ва аҳоли билан мулоқотни таъминлашга йўналтирилган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури бажарилмоқда. Ушбу ташкилот экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.
Юқоридаги фикр мулоҳазалардан сўнг туманда фаолият олиб бораётган таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги турли ишларга мажбурий жалб қилишга барҳам бериш бўйича тегишли топшириқлар берилди.