Фарғона вилоятида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига бағишланган семинар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерецияси Кенгаши билан ҳамкорликдаги режага асосан Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ташкил этилган семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари М.И.Ходжаева “Ўзбекистон Республикасида меҳнат муҳофазасига оид миллий қонунчилик асослари ҳақида”, Фарғона вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудир Ш. Рахимходжаев “Фермер хўжаликларида меҳнат муҳофазаси ишларини ташкил этиш тўғрисида”, Фарғона вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бўлими бошлиғи Х.Иномовнинг “Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларига оид ҳалқаро стандартлар ҳақида”ги мавзулар бўйича маърузалари эшитилди.
Семинар давомида “Фермер хўжалигида ишчи ходимлар учун яратилаётган шароитлар” ҳақида, Диёрбек фермер хўжалиги раҳбари Т. Юсупов ўз хўжалигида ишчи ходимларга яратилган шарт-шароитлар ва уларга берилган имтиёзлар тўғрисида семинар қатнашчиларига маълумот берди.
Шундан сўнг Фарғона вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Ш. Рахимходжаев ва Қўштепа тумани Қишлоқ ва Сув хўжалиги бўлими бошлиғи Н.Рахмонов фермер хўжаликларидаги ходимларига яратиш керак бўлган шарт-шароитлар ва уларда меҳнат муносабати, иш ҳақи масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Семинар сўнгида тингловчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳририни ва “Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини ташкил этиш тўғрисида”ги қўлланмалар тарқатилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачилардан тўлиқ ва аниқ жавоблар олдилар.
Семинар қизиқарли баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтди.Семинарда фермер ҳўжаликларида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларининг тарғиботини янада кучайтириш ва ижросини таъминлаш бўйича зарурий масалалар келишиб олинди.